1-қисмда инфляция борасида жуда кенг тарқалган бироқ, тўғри бўлмаган ғоя ҳақида тўхталиб ўтдик. Яъни, инфляция бу фақат монетар феноменмаслиги, Марказий банк иқтисодиётда пул таклифи устидан тўлиқ назоратни амалга оширолмаслиги ва инфляцияни таргетлаш ва унга эришиш ҳар доим ҳам китоблар фараз қилганидек осон эмаслиги тушунтирилди.

Агар юқоридаги фикрлар нотўғри бўлса, табиий савол туғилади – инфляция қандай пайдо бўлади? Пул таклифининг кўпайиши ҳар доим инфляцияга олиб келадими? Қандай факторлар инфляцияни келтириб чиқаради?

Пул таклифининг ортиши - жуда кўпчилик иктисодчилар фикрича ва 99% монетар сиёсатга бағишланган китобларда қайд этилишича - инфляцияни келтириб чиқаради. Шунинг учун, инфляцияни жиловлаш учун Марказий банк пул таклифи ортишини, кредит ўсишини чеклаши керак ва жуда кўп Марказий банклар, шу жумладан Ўзбекистонники ҳам шундай чораларни кўради. Афсуски, бу иситмани қорин оғриғига қарши дори билан даволашдек гап. Қуйида инфляция аслида қандай пайдо бўлиши тушунтирилган.

Нархлар даражаси (инфляция) бўйича яна бир назария қуйидаги макроиқтисодий айният билан бошланади:

PQ ≡ W + U

Мазкур ифода ЯИМни ҳисоблашнинг даромад усули бўлиб, унга кўра номинал ЯИМ бу барча даромадларнинг йиғиндисига тенг. Соддалаштириш мақсадида иқтисодиётда икки хил даромад бор деб қабул қиламиз - ялпи иш ҳақи (W) ва ялпи фойда (U). Ифодани ҳар икки томонини Qга бўламиз:

P ≡ W/Q + U/Q

Ялпи иш ҳақи (W) - ўртача иш ҳақи миқдори (w) ва ишланган вақтнинг (L) кўпайтмасига тенг: W = wL
(масалан, агар иш ҳақи (w) соатига 10 минг сўм бўлса ва 10 соат ишланса (L) бўлса, шунда W 100 минг сўм бўлади). Демак:

P ≡ wL/Q + U/Q

Q/L шунда бир бирлик махсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган вақт (соат) ёки ўртача меҳнат унумдорлиги (APL):

P ≡ w/APL + U/Q

w/APL – бир бирлик ишчи кучининг баҳоси. U/Q – макроиқтисодий устама (macroeconomic markup).

Назария қуйидаги фаразлар/гипотезаларга асосланган:

  • Иқтисодиёт одатда тўлиқ қувват билан ишламайди ҳамда ишлаб чиқариш (Q) ва иқтисодий ўсиш ялпи талабга нисбатан ўзгариб боради (Бу Кейнснинг самарали талаб назарияси деб ҳам номланади);

  • Ўртача иш ҳақи миқдори (w)нинг даражаси иш берувчи билан келишилиб ўрнатилади ва ишчиларнинг нисбий кучига (иш берувчиларга нисбатан) боғлиқ;

  • Номинал ялпи фойда (U) ялпи талабга боғлиқ (М.Калецкийнинг фойда назарияси);

  • APL  - ўртача самарадорлик макроиқтисодий ҳолатнинг функцияси, яъни у ялпи талабга проциклик (талаб ортса ортади, тушса тушади). Иқтисодий пасайиш даврида ишлаб чиқариш самарадорлиги ишчилар ишдан бўшатилишидан олдин пастлайди.

Демак қуйидаги ифодага асосан

P = w/APL + U/Q,

нархнинг даражаси бир бирлик ишчи кучининг баҳоси ва макроиқтисодий устаманинг ўзгариши натижасида ўзгаради. Юқоридаги формулани ўсиш суратлари орқали қуйидагича ёзиш мумкин:

gp ≈ (gw – gAPL)sW + (gU – gQ)sU

Бу ерда, sW ва sU – иш ҳақи ва фойданинг ялпи даромаддаги улушлари бўлиб, уларнинг йиғиндиси бирга тенг (sW + sU = 1). Шундай қилиб, инфляция иккита манбага эга:

  • Харажатдан келиб чиқувчи (Cost-push inflation): Ишчи ҳақи даражаси меҳнат унумдорлигига нисбатан қанча тез ўсса шунча юқори инфляцияни келтириб чиқаради. Инфляция ва ишчи кучи баҳосининг ўзгариши ўртасида жуда кучли боғлиқлик мавжуд;

  • Талабдан келиб чиқувчи инфляция (Demand-pull inflation): Бунда, gU – gQ  ялпи талабнинг иқтисодиётга босимини акс эттиради, (output gap).Сабаби, Калецкийнинг назариясига кўраб, фойда даражаси ялпи талабнинг функциясидир. Агар ялпи талаб (gU) ортса and ялпи таклиф (gQ) ўзгармаса, шунда бошқа факторлар ўзгармаганда нархлар (gP) кўтарилади. Агар иқтисодиёт ўзининг потенциалида бўлмаса ялпи таклифни (gQ) ўзгармас деб фараз қилиш, нотўғри бўлади. Одатда, ялпи талаб учун позитив шок ялпи таклифнинг ҳам ўзгаришига олиб келади, сабаби узоқ муддатда ҳам утилизация даражаси (яъни корхоналарда доимо ишлаб чиқаришни ошириш имконияти бўлади) 1 дан паст бўлади.

Агар эътибор берсак, юқоридаги формулада пул таклифи мавжуд эмас. Пул таклифи тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш нархига таъсир ўтказмайди. Албатта, сарф-ҳаражат инфляцияга таъсир этиши мумкин, лекин бу ҳам иқтисодиёт ҳолатига боғлиқ. Ёлғиз иш ҳақи ўзгаришининг эмас, балки унинг меҳнат унумдорлигига нисбатан қандай тезликда ўзгариши муҳим.

Пулнинг иқтисодиётда қандай яратилиши билан боғлиқ ҳолда, бу назария орқали нарх ва пул таклифи ўртасидаги коррелацияни кўриш мумкин. Аммо, “пулнинг миқдорий назарияси”га қарама-қарши ҳолда, мазкур назарияга кўра боғлиқлик тескари равишда ҳаракатланади:

Юқори ишлаб чиқариш ҳаражатлари ва юқори талаб босими товар ва хизматлар нархини кўтаради, бу эса иқтисодиётда банк тизими томонидан юқори суратда пул яратилишини тақозо этади. Яъни, юқори нарх-наво юқори пул таклифини келтириб чиқаради.

Бошқача айтганда, пул массаси ўсишининг ўзи инфляцион эмас, сабаби пул таклифи иқтисодиётдаги талабга қараб ўзгариб боради. Шунинг учун, инфляцияни сабабларини тўғри аниқлаш - ишлаб чиқариш жараёнига нисбатан пул массасининг пайдо бўлиши ва унинг муомаладан чиқишини тушуниш ҳамда пулнинг яралиши оқибатида пайдо бўладиган қарзни ҳам таҳлил қилишни тақозо этади. Агар иқтисодиёт ўсаётган бўлса, албатта пул таклифи ортиши табиий жараёндир.

Инфляция бўйича сиёсатни юритиш учун бу қандай аҳамият касб этади? Албатта, юқоридаги назария инфляциянинг монетар омилларини рад этмайди, бироқ кўп ҳолатларда (бизнинг шароитда ҳам) юқори инфляциянинг таг илдизи жуда паст меҳнат унумдорлиги, иқтисодиётнинг юқори монополлашув даражаси ва валюта (сўм) курсининг пасайиб боришига тақалади.

Хулоса қилиб айтганда, монетар сиёсатнинг инфляцияга тўғридан-тўғри таъсири унчалик кучли эмас. Шундай экан, Марказий банк томонидан фоиз ставкасининг юқори ўрнатилиши ундан келадиган бошқа салбий оқибатлар билан бирга, ҳаражат сифатида инфляциянинг ортишига ижобий ҳисса қўшаётган бўлиш эҳтимоли ҳам юқори. Нима қилиш керак дейсиз-ми? Монетар тарихчи Клаудио Борио айтганидек, монетар сиёсат бўйича китобларда ва универститетда ўрганган билимларимизни қанчалик тез деразадан улоқтирсак, шунчалик тез инфляция бўйича мақсадимизга эришамиз.